Тошкент шаҳри Миробод тумани 64 ва 247-сонли мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчиларнинг касалланиши юзасидан маълумот

Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Миробод тумани 64 ва 247-сонли мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчиларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилади.

Жорий йилнинг 26 август куни 64-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 6 нафар тарбияланувчиси ва 247 -сонли мактабгача таълим муассасасининг 2 нафар тарбияланувчиси ўткир ичак инфекцияси белгилари билан касалхонага ётқизилди.

2021 йил 27 августда Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, Миробод тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, шунингдек, Миробод тумани тиббиёт бирлашмасининг шифокорлари томонидан мактабгача таълим ташкилотларда ошхоналарнинг ҳолати, ошпазлар, ҳамшираларнинг фаолияти ўрганилди ва тарбияланувчиларнинг кўриги ташкил этилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари томонидан кунлик синамалар ва болаларнинг охирги уч кун давомида истеъмол қилган таомларидан барча озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олиниб, лабораторияга юборилди.

2021 йил 31-август кунига тарбияланувчиларнинг аҳволи нормал ҳолатга қайтди ва улар уйларига чиқарилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари ва лаборатория жавоблари асосида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати