Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг касалланиш ҳолати юзасидан маълумот

Мактабгача таълим вазирлиги жорий йилнинг август ойида Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларининг содир бўлган касалланиш ҳолати юзасидан маълум қилади.

2021 йил 5-августдан 10-августгача бўлган даврда интоксикация синдроми белгилари билан 5-сонли мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчилари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига ётқизилди. Тиббиёт муассасалари ва Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари маълумотларига кўра, болаларда ботулизм касаллигининг клиник белгилари кузатилган.

10 августдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотида Оққўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг тор мутахассислари томонидан кундалик тарбияланувчилар кўриклари ташкил этилди ва саломатлигида ўзгариш бўлган 25 тарбияланувчилар аниқланиб профилактик мақсадда тиббиёт муассасасига шифокорларнинг назорати учун ётқизилган. Ҳаммаси бўлиб тиббиёт муассасаларига 32 нафар бола ётқизилган.

Бугунги кунга, барча болалар яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб касалхонадан уйларига рухсат берилди.

Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари томонидан мактабгача таълим ташкилотида 10 кунлик таомномаси бўйича болаларга тарқатилган озиқ-овқат маҳсулотлардан омборхонада вақтинчалик сақланаётган гумондаги озиқ-овқат маҳсулотларидан (повидло, джем, қуюлтирилган сут, пишлоқ, картошка, пиёз, сабзи, карам, булғор қалампири, олма) намуналар олиниб, лабораторияга тахлил ўтказиш учун юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов харакатлари тугагач, маълумот берилади ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати