Тошкентда “Илк ёшдаги болалар ривожланиш соҳалари ва таълим сиёсати Осиё-Тинч океани форуми” ўтказилади

Аввалроқ хабар берганимиздек, ЮНЕСКО бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Джаннини Ўзбекистонга ташрифи давомида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин билан учрашиб тизимдаги ислоҳотлар ва олиб борилаётган самарали ҳамкорлик натижалари, мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш ва эришилган илғор натижалар, шунингдек келгуси йилларда мактабгача таълим соҳасида ривожланишнинг истиқболли йўналишлари бўйича масалалар таҳлил қилиниб, шу билан бирга учрашув доирасида 2022 йил Тошкентда “Илк ёшдаги болалар ривожланиш соҳалари ва таълим сиёсати Осиё-Тинч океани форуми”ни ўтказиш масаласи муҳокама қилинган эди.

Бугун Мактабгача таълим вазирлиги биносида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари в.б Александрос Макаригакис ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув жараёнида 2022-йил Тошкентда “Илк ёшдаги болалар ривожланиш соҳалари ва таълим сиёсати Осиё-Тинч океани форуми” ўтказилиши юзасидан ташкилий масалалари бўйича келишиб олинди.

Учрашув жараёнида мактабгача ёшдаги болаларга таълим ва тарбия бериш давлатнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги шу билан бирга, Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларининг 4.2 бандига мувофиқ 2030-йилга келиб барча ўғил-қизлар бошланғич таълимга тайёр бўлишлари учун ёш болаларни ривожлантириш, парваришлаш ва мактабгача таълим олиш учун сифатли тизимлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишларини таъминлаш борасида ижобий натижалар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, республика бўйича мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичлари 2017 йили 27% дан 2021 йилга келиб 64% гача ошиши натижасида, бугунги кунга келиб 1,8 млн. дан ортиқ мактабгача ёшдаги болалар мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлдилар, қолаверса Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб барча болалар учун бошланғич таълимда тенг имкониятлар яратиш мақсадида мактабга боришдан бир йил олдин мажбурий мактабгача таълим тизими жорий этилди. Бугунги кунда 6-7 ёшли мактабга чиқиш ёшидаги болаларнинг 77%и мактабгача таълим тизимига қамраб олинди, 2025 йилга бориб уларнинг барчасини бир йиллик мажбурий бепул таълим тизимига 100% қамраб олинади.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати