Тошкентда мактабгача ёшдаги болалар учун веломарафон ўтказилди — фото

Тошкент шаҳридаги Бобур экопаркида 1 июнь, сешанба куни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб 6 ёшдаги болалар ўртасида «Келажакка яшил қадам» шиори остида веломарафон ўтказилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда 1-марта Мактабгача таълим вазирлиги томонидан боғча ёшидагилар учун беговелаларда веломарафон ташкил этилди. Ушбу марафонни ўтказишдан мақсад болалар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат. Шу билан бирга, уларни велоспортга қизиқтириш ҳамдир. Тадбирни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева болаларни байрам билан табриклаб очиб берди.

Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг «Bugun.uz» мухбирига берган интервьюсига кўра, бу сингари болалар веломарафони Ўзбекистонда ва Марказий Осиё минтақасида илк маротаба ўтказилмоқда. Шунингдек, замонавий беговелаларнинг асосий устун жиҳати шундаки, унда кичик ёшдаги болалар мувозанатни ушлашни қийинчиликсиз ўрганишади ва бу уларнинг келажакда оддий велосипедга ўтиш жараёнини осонлаштиради.

«Беговел бу педалсиз велосипедлардир. Нега айнан улар педалсиз? Сабаб бошида болалар ўзининг мувозанатини сақлай олмайди ва оёқларини ишга солиб бунга ҳаракат қилади. Бевосита беговелалар ҳайдаш жараёнидан ўтганидан сўнг улар бемалол оддий велосипедларда ҳаракатлана олади. Ушбу беговелалар Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан Мактабгача таълим вазирлигига тақдим қилинди. Уларнинг сони 400 тани ташкил қилади. Беговелаларнинг бари Тошкент шаҳридаги боғчаларга улашилди. Ушбу беговеллаларда болалар ҳайдашни ўрганиб, бугунги марафонга қатнашишди. Бу 400 та беговелалар охирги тираж эмас, ҳали яна келиши кутилмоқда», — деди Мавлуда Асқархўжаева.

Мазкур веломарафонда давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 65 нафар бола ўзаро баҳслашишди. Веломарафон иштирокчилари бўлган болалар эсдалик медаллари, совғалар билан тақдирландилар, шунингдек, улар учун кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.

#Bugun uz