Uza.uz сайти биз ҳақимизда.

Болаларда ботулизм касаллигининг клиник белгилари кузатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева иштирокида ўтказилган брифингда Тошкент шаҳри Миробод тумани ҳамда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги боғчаларда рўй берган заҳарланишлар ҳақида маълумот берилди.


Унга кўра, жорий йил 26 август куни Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 64-мактабгача таълим ташкилотининг 6 нафар, 247-мактабгача таълим ташкилотининг 2 нафар тарбияланувчиси ўткир ичак инфекцияси белгилари билан касалхонага ётқизилган. 31 августь куни тарбияланувчилар аҳволи нормаллашган ва ўз уйларига чиқарилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари ва лаборатория жавоблари асосида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Шунингдек, жорий йилнинг 5-10 август кунлари Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-мактабгача таълим ташкилотининг 32 нафар тарбияланувчиси интоксикация синдроми белгилари билан тиббиёт муассасаларига ётқизилди.

Мутахассислар маълумотларига кўра, болаларда ботулизм касаллигининг клиник белгилари кузатилган. Бугунги кунда барча болалар яшаш жойи бўйича тиббий назоратга олиниб, касалхонадан уйларига рухсат берилди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов харакатлари тугагач, маълумот берилади ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА

Батафсил: https://uza.uz/uz/posts/mavluda-asqarxozhaeva-bolalarda-botulizm-kasalligining-klinik-belgilari-kuzatilgan_300608