«Узоқ муддатли стационар даволанишда бўлган болалар учун мактабгача таълим олишнинг ҳақиқий имкониятлари» мавзусида учрашув

Жорий йилнинг 16 -август куни Мактабгача таълим вазирлигида «Замин» халқаро жамғармаси билан ҳамкорлик меморандуми доирасида мактабгача таълим ва халқ таълими мутахассислари ўртасида Дмитрий Рогачев номли Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-тадқиқот марказининг болаларни стационар тиббий муассасаларда ўқитиш бўйича вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Россиядаги шифохона мактабларининг «Биз биламиз» деб номланган федерал лойиҳаси раҳбари Сергей Шариков шифохона педагогикаси бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ҳозирги вақтда таълимнинг бундай модели Ўзбекистонда илгари татбиқ этилмаган. Шу мақсадда Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқаро Замин жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Россия Федерацияси болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси бўйича Дмитрий Рогачев номидаги Миллий тиббиёт илмий маркази билан биргаликда даволаш ва профилактика тадбирларини болалар учун таълим хизматлари билан бирлаштирадиган шунингдек, уларнинг ота -оналарига психологик ва педагогик ёрдам кўрсатадиган лойиҳани амалга ошириш хусусида суҳбат олиб борилди.

Учрашув давомида Мактабгача таълим вазири Aгриппина Шиннинг таъкидлашича, ушбу лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасида амалга оширилиши узоқ муддатли даволанаётган саратон касаллигига чалинган болаларга ўқув дастурини бошқа тенгдошларидан қолишмасдан ўзлаштиришга ва кейинги босқичларда ўқишни давом эттиришга имкон беради.

С.В. Шариковнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик бемор болаларни қўллаб-қувватлашга имкон беради, улар учун ижобий энергия ва иштиёқни олиш энг муҳим, чунки онкология – бу ҳукм эмас, болаларга яшаш ва касаллик билан курашиш учун мақсад керак.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати