Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 9-мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 132-сонли қарор ижросига оид масалалар юзасидан ташкиллаштирилган матбуот анжумани.

Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуриши аниқланган. Шу боис мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига айланган.

Хусусан, бугунги кунда долзарб масалалардан бири 6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўлиб, соҳа вакилларининг олдида турган муҳим вазифа этиб белгиланганлиги ҳақида бугунги матбуот анжумани давомида таъкидланди.

 Айниқса, юртимиздаги мактабгача таълим тизимига қамраб олинган
жами 669 198 нафар 6 ёшли болаларнинг 114 286 нафари қисқа муддатли гуруҳларда, 89 240 нафари бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларида, 311 618 нафари эса мактабга тайёрлов гуруҳларида қамраб олиниб мактабга тайёрлов ишлари амалга оширилди.

Жумладан, бугунги кунда республика бўйича 669 198 нафар 6 ёшли болалардан 515 144 нафари, яъни 77%и мактабгача таълимга қамраб олинган бўлиб, ҳудудлар кесимида қуйидаги рақамларни ташкил этади:

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 майдаги ПҚ–4312-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси”га мувофиқ мактабгача таълим ёшидаги болалар қамровининг янги мақсадли кўрсаткичларига кўра Концепция доирасида қўйилган концептуал мақсад ва вазифаларга кўра, 2025 йилга келиб олти ёшли болаларнинг мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларига тўлиқ жалб қилиш, шунингдек 2030 йилгача республикадаги 3-7 ёшдаги болаларнинг 80,8 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олиш режалаштирилган.

Мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган 6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш учун “Илк қадам” мактабгача таълим ташкилотнинг давлат ўқув дастури ҳамда “Илм йўли” вариатив ўқув дастуридан фойдаланилмоқда.
Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш тизими орқали мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, соғлом, фаол, баркамол, ижтимоий мослаштирилган болаларни тарбиялаш, келгусида муваффақиятли ўқув фаолияти учун шарт-шароитларни шакллантириш ва уларни бошланғич таълимга сифатли тайёрлаш 6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.


“Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш”- бу иборани эшитган ёки ўқиган барчага бирдек савол туғилиши табиийдир, яъни “бепул” таълим харажатлари қандай қопланади?
Мажбурий бепул таълимда харажатлар тўлиқ бюджет ҳисобидан қопланади.
1 нафар болага давлат бюджетидан ойига 416 700 сўм, йилига 5 млн. сўм маблағ ажратилмоқда.
Мажбурий бепул таълимга 2020 йилда 50 млрд. сўм маблағ ажратилган,
2021 йилда 57,8 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Юқорида таъкдлаганимиздек, бугунги кунда 6 ёшли болалар мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳлар, мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларига ҳам қамраб олинади. Ҳар бир ҳудудда ота-оналар тўлов миқдорлари бир-биридан фарқ қилади:

а) қисқа муддатли гуруҳлар бўйича:

Қисқа муддатли гуруҳларда бола таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдори МТТнинг жойлашган манзили ва МТТга оиладан қатнаётган болалар сонига қараб табақалаштирилган.

Ота-она тўлови миқдори:

Оиладан 1 нафар бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 38 000 сўм, вилоят марказида 36 000 сўм, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 32 000 сўм, туман марказида 29 000 сўм, бошқа жойларда 26 000 сўм;

Оиладан 2 нафар ва ундан ортиқ бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 26 000 сўм, вилоят марказида 25 000 сўм, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 23 000 сўм, туман марказида 20 000 сўм, бошқа жойларда 18 000 сўм.

Шунингдек, республиканинг 70 та туманларида жойлашган МТТларда ушбу миқдорлар икки баравар камайтирилган ҳолда тўланади.

б) бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳлари бўйича:

Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларида ота-оналар тўлови ундирилмайди.

в) мактабгача тайёрлов гуруҳлари бўйича:

МТТнинг мактабгача тайёрлов гуруҳларида ота-оналар тўлови миқдорлари МТТ жойлашган манзили, гуруҳ иш режими ва МТТга оиладан қатнаётган болалар сонига қараб табақалаштирилган.

Ота-она тўлови миқдори 9 соатли иш режимида:

Оиладан 1 нафар бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 206 000 сўм, вилоят марказида 199 000 сўм, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 183 000 сўм, туман марказида 135 000 сўм, бошқа жойларда 95 000 сўм;

Оиладан 2 нафар ва ундан ортиқ бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 147 000 сўм, вилоят марказида 141 000 сўм, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 130 000 сўм, туман марказида 102 000 сўм, бошқа жойларда 77 000 сўм.

Ота-она тўлови миқдори 10,5 соатли иш режимида:

Оиладан 1 нафар бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 246 000 сўм, вилоят марказида 238 000 сўм, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 206 000 сўм, туман марказида 183 000 сўм, бошқа жойларда 167 000 сўм;

Оиладан 2 нафар ва ундан ортиқ бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 175 000 сўм, вилоят марказида 169 000 сўм, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 147 000 сўм, туман марказида 138 000 сўм, бошқа жойларда 133 000 сўм.

Илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда 6 ёшли болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичларининг кенгайиб бориши мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларнинг давлат талабларига мувофиқ ҳар томонлама ақлий, ахлоқий, эстетик ва жисмоний камол топиши учун шарт-шароитлар яратиш имкониятларини оширади.

Шунингдек, мактабгача таълимга қамраб олинган болалар келгусида бошланғич таълим даврида ўзларини эркин хис қилишлари, тенгдошлари билан осон ижтимоий муносабатларга киришиш имкониятлари пайдо бўлади.

6-7 ёшли болалар учун мўлжалланган мажбурий бошланғич таълимга бир йиллик тайёрлаш гуруҳлари ҳамда қисқа муддатли гуруҳлар болаларини тўлиқ кунли мактабгача таълим ташкилотига бериш имкониятига эга бўлмаган ёки муайян сабабларга кўра, бунга интилмайдиган ота-оналарнинг талаб-эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрда “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 999-сонли  қарорига кўра, болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашни жорий этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти туманлари (шаҳарлари) ва Тошкент шаҳри туманларида тажриба лойиҳаси амалга оширилган.

Маълумот учун : +998 91 588-90-85; +998 99 861 96 56