Зироат Мирзиёева Нукусдаги “Имкон” реабилитацион болалар боғчасига ташриф буюрди

«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Нукус шаҳридаги «Имкон» реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси болалари билан учрашди.

— Бу даргоҳдаги ўғил-қизлар қанчалик ҳаракат қилиб ўз устида ишлаётгани, улар эришаётган ютуқларни кўриб, жуда мамнун бўлдим. Aсосийси, ҳар бир болага алоҳида ёндашув бор, ҳеч ким эътибордан четда қолмаяпти, — деди Зироат Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, Нукусда 2019-йил апрел ойида ногиронлиги бор болалар учун “Имкон” реабилитация марказига эга бўлган Ўзбекистондаги биринчи кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси очилган.

«Имкон» лойиҳасининг ўзига хос хусусияти – реабилитация ва таълим бўлимларини бирлаштиришга қаратилган комплекс ёндашув, бу ҳар хил ногиронлиги бор болаларга яхлит, мақсадли, индивидуал йўналтирилган ёрдам кўрсатишга имкон беради.

Очилганидан буён “Имкон” марказида 241 нафар ногиронлиги бор болалар қабул қилинган. 2021-йил 1-май ҳолатига кўра, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига 119 нафар ўқувчи қабул қилинди, улар оғир эшитиш қобилияти, ақлий заифлиги ва таянч-ҳаракат тизимининг бузилиши бўлган болалар учун гуруҳларда таълим оладилар.

Тузатиш ва таълим жараёни натижаларига кўра, болаларнинг 90,4 фоизида ижтимоийлашув ва мослашиш соҳасида; турли даражадаги моторли кўникмаларни ривожлантириш бўйича 97,8 фоизида; нутқида нуқсони бўлган болаларнинг 92,3 фоизида ижобий ривожланиш кузатилди.

Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот хизмати